“Бизнесни ривожлантириш банки”нинг 3 йиллик стратегияси тасдиқланди
Унга кўра, 2026 йилгача банк активлари 43,5 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда.

Бугун, 4 июль куни “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси: ташаббуслар ва кутилмалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, таркибий тузилмалар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сонли Фармони билан тасдиқланган “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси” асосида мамлакатимиз банк тизимида фаол ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ тизимида ҳам мазкур Стратегияга мос равишда трансформация жараёнлари фаол кечмоқда. KPMG халқаро компанияси билан ҳамкорликда банкни 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Матбуот анжуманида мазкур стратегиянинг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган ташаббуслар ва истиқболдаги кутилмалар ҳақида ахборот берилди.
Банкнинг янги Стратегиясида келгуси 3 йилдаги истиқболли вазифалар ва асосий мақсадлар белгилаб олинди. Хусусан, 2026 йилгача банк активлари 43,5 фоизга оширилиб, бугунги 27 трлн. сўмдан 62 трлн.сўмга, капитал бўйича 3,2 трлн. сўмдан 7,1 трлн. сўмга етказилиши кўзда тутилмоқда.
Мижозларга энг қулай ҳамда фойдали шартларда маҳсулотларнинг тақдим этилиши натижасида, банкнинг кредит портфели 25 трлн.сўмга ёки 1,2 баробарга оширилиб, 46,8 трлн. сўмга ва депозитлар ҳажми 12,2 трлн. сўмга ёки 1,3 баробарга оширилиб, 21,6 трлн.сўмга етказилади.
Кичик бизнес вакиллари бўлган мижозлар сонини 115 мингтагача ошириб, бозорнинг 17,7 фоизини ҳамда чакана бизнес мижозлари сонини 2,5 млн.тагача ошириб, бозорнинг 16,7 фоизини эгаллаш белгилаб олинган.
Мижозларнинг 75 фоизини онлайнга ўтказиб, уларни фаол мобиль илова ва интернет-банкинг фойдаланувчиларига айлантириш режалаштирилган.
Анжуманда банкни 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун 250 дан ортиқ ташаббуслар ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Бунда, 27 та ташаббус ахборот технологияларини ривожлантиришга, 48 таси Инсон капиталини ривожлантиришга ҳамда 83 таси Бизнесни ривожлантиришга қаратилган.
Шундан 39 та ташаббус кичик бизнес йўналишида, 44 таси эса чакана бизнес йўналишида амалга оширилади.
Таъкидландики, Стратегияни ишлаб чиқишда банк учун бизнес йўналишида хизматларнинг соддалиги, оммабоплиги ва тезкорлиги муҳим мезон этиб белгиланди.
“Бизнеснги ривожлантириш банки” АТБ келгусида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва экспортни таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этади. Шунингдек, замонавий банк хизматларини тақдим қилиш орқали молия бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга интилади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.







