Озодбек Назарбековнинг кийим дўкони рекламаси орқали наф олиш мақсади кўзланмаган
Бу ҳақида Маданият вазирлиги маълум қилди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков кийимлар дўконини реклама қилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Маданият вазирлигининг билдиришича, Озодбек Назарбеков миллий бренд ривожи учун ўзининг шахсий фикрларини билдириб, тавсия бериб ўтган.
“Бу орқали мамлакатимизда яратиб берилган қулай бизнес муҳити туфайли фаолиятини самарали йўлга қўйган, хорижникидан асло қолишмайдиган сифатли маҳсулотлар тайёрлашга интилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган”, — дейилади расмий муносабатда.
Яъни, бундан вазирнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаган.
“Озодбек Назарбеков Маданият вазири, қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти ва давлат хизматчиси сифатида Ўзбекистон Республикасининг барча қонунларини ҳурмат қилади ва уларга қатъий риоя этади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.







