Ўзбекистондан қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишмоқчи бўлди
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистондан маданий бойликларга тааллуқли тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган фуқаролар аниқланди. Бу ҳақида “Тошкент-АЭРО” ИБК ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 13 июль куни соат 03:30 ларда Тошкент — Москва йўналиши бўйича учиб кетаётган Ўзбекистон фуқаросининг қўл юклари текширувдан ўтказилган. Унда божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан олиб ўтилиши чекланган, маданий бойликларга тааллуқли бўлган жами 5 дона номинали ҳар хил бўлган темир тангалар борлиги аниқланган.
Бундан ташқари, шу куни соат 04:00 ларда Тошкент — Москва йўналиши бўйича учиб кетаётган, Ўзбекистон фуқаросининг қўл юклари текширувдан ўтказилган. Унда божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан олиб ўтилиши чекланган, маданий бойликларга тааллуқли бўлган жами 18 дона (3 дона сариқ, 3 дона қора ва 12 дона оқ металлдан ясалган) номинали ҳар хил бўлган темир тангалар борлиги аниқланган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







