Тошкент вилоятида психотроп дори сотувчи ота-бола ушланди
Улар уйида 900 млн сўмлик дориларни сақлаб келган.

Тезкор тадбир давомида фуқаро Х.С. назоратдаги харидорга 70 дона “амино-метил” ҳамда 3 дона “тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 4 млн 300 минг сўмга сотаётган вақтида ушланган.
Унинг ёнидан яна шу каби 7 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари далилий ашё сифатида олинган.
Суриштирувлар давомида мазкур дориларни назоратдаги харидорга 1981 йилда туғилган шахс етказиши керак бўлган. Аммо ота бу иш учун 18 ёшли ўз фарзандини юборган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ота-боланинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада 9,8 минг дона “Зардекс”, 250 дона “Аминометил” ҳамда 15 дона “тропикамид” (қора бозордаги нархи 857 млн сўмлик) кучли таъсир қилувчи, психофаол дори воситалари сотиш мақсадида хонадонда сақланаётганлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







