Cаломатлик

Чекишни ташлаганда қандай ўзгаришлар рўй беради?

Мутахассис бу бўйича маълумот берди.

Чекишни ташлаганда қандай ўзгаришлар рўй беради?

Таҳлилларга кўра, тамаки чекиш оқибатида дунёда ҳар йили ўртача 8 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Чекиш инсон умрини тахминан 10 йилга қисқартириши ҳам олимлар томонидан исботланган факт. Бу даҳшатли статистика ҳар бир чекувчи инсонни бу зарарли одатдан воз кечишга ундаши керак.

 

Хўш, сигаретдан воз кечгандан кейин организмда қандай ўзгаришлар рўй беради?

 

— Чекишни ташлагандан сўнг дастлабки ўзгаришлар бир неча дақиқа ичида бошланади. Хусусан, 20 дақиқадан кейин пульс ва артериал босим нормаллашиб, қон айланиши яхшиланади. 8 соатдан сўнг қондаги углерод моноксид миқдори камаяди, кислород эса нормал кўрсаткичга қайтади. Бу, ўз навбатида, тўқималарда гипоксия пайдо бўлишининг олдини олади, — дейди мутахассис.

 

Чекиш қон томирларининг торайиши ва артериал босимнинг кўтарилишига сабаб бўлади. Сигаретдан воз кечгандан 24 соат ўтиб, миокард инфаркти хавфи пасая бошлайди, юрак ва қон томирлари меъёрда ишлаши тикланади.

 

Сигарет таркибидаги никотин ва бошқа кимёвий моддалар асаб тизимига зарар етказиши туфайли инсонда таъм ва ҳид сезиш қобилияти ёмонлашади. Чекишни ташлаган одамда 48 соатдан кейин бу ҳислар яхшиланади.

 

Никотин ва бошқа токсинлар бронхларда спазмлар келтириб чиқариб, нафас олиш тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. 72 соат ичида бронх мушаклари бўшашиб, нафас йўллари шиллиқ ва бошқа ифлосланишлардан тозаланади.

 

2-12 ҳафта ичида тамакидан воз кечган инсонда қон айланиши ва ўпка фаолияти яхшиланади. Бу эса органлар ва тўқималарнинг кислород ва озуқа моддалари билан тўйинишига хизмат қилади. 3-9 ой ўтиб, йўтал ва нафас қисиши камаяди.

 

1 йилдан кейин юрак ишемик касаллигига чалиниш хавфи икки баробарга камаяди. Чекиш инсультнинг асосий сабабларидан бири эканлиги сир эмас. Сабаби у қон томирларнинг торайишига олиб келиб, тромб ҳосил бўлиш эҳтимолини оширади. Бу зарарли одатдан воз кечган одамда 5 йилдан сўнг инсульт хавфи чекмайдиганлар даражасига тушади.

 

Тамаки тутунидаги токсинлар ҳужайраларда мутацияларни келтириб чиқариши сабабли улар саратон ривожланишига олиб келиши мумкин. Аммо чекишни ташлаш канцерогенлар таъсирини камайтиради ва ҳужайраларнинг тикланишига ёрдам беради — 10 йилдан сўнг ўпка саратони хавфи чекувчиларга қараганда икки баробарга камаяди. Бунинг натижасида оғиз бўшлиғи, томоқ, ошқозон раки эҳтимоли ҳам пасаяди.

 

15 йил ўтиб, юрак ишемик касаллиги ва миокард инфаркти хавфи чекмайдиганлар даражасига қайтади. Юрак ва қон томирлари чекиш оқибатида етказилган зарардан тўлиқ тикланади. Артериал гипертензия, атеросклероз ва бошқа юрак-қон томир касалликлари хавфи камаяди.

 

Тўғри, чекишни ташлаш ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан осон кечмайди. Никотинга қарамликдан қутилиш учун вақт, сабр ва ирода керак. Аммо астойдил ҳаракат қилиб, ҳар бир инсон, ҳатто кўп йиллар давомида чекиб келганлар ҳам буни уддалаши мумкин — ҳаммаси ўз қўлингизда!

custom img

Дунёда вабодан ўлим кўрсаткичлари ошмоқда

ЖССТга кўра, бу бўйича эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда.

custom img

Маймунчечак бўйича эълон қилинган фавқулодда ҳолат бекор қилинди

Касалланиш ва ўлим ҳолатларининг камайиши туфайли ЖССТ мпох эпидемиясини фавқулодда ҳолат мақомидан чиқарди.

custom img

Ўзбекистонлик шифокорлар Жанубий Кореяда бепул ўқитилади

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш делегацияси Кореяда роботлаштирилган жарроҳлик, телемедицина ва қўшма таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик келишувларига эришди.

custom img

Ўзбекистонлик олимлар вирусли кўз касалликлари учун дори плёнка яратди

Плёнка кўзга қўйилганда аста-секин эрийди ва доривор модда томчига қараганда узоқроқ таъсир кўрсатади.

custom img

Зарарсиз кўринган газаклар аслида мияни “синдириши” мумкин

5 кунлик зарарли овқатланиш мияда доимий ўзгаришларга олиб келади.

custom img

Сурункали бел оғриғидан қутулиш йўли топилди

Юриш бел оғриғи хавфини камайтиради.

custom img

Ёз фаслида саломатликни қандай асраймиз?

Бу борада 7 та муҳим тавсия эълон қилинди.

custom img

Дориларсиз қон босимини пасайтириш усули аниқланди

Чой, шоколад, олма – юрак саломатлиги учун табиий дорилар ҳисобланади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"