Ноқонуний дори воситалари савдоси: 143 минг донадан ортиқ шубҳали дори-дармонлар фош этилди
Терговга қадар суриштирув ишлари давом этмоқда.

Фуқаролар соғлиғини асраш ҳамда фармацевтика маҳсулотларининг яширин айланмасини олдини олиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси томонидан қўшма тезкор тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, Юнусобод туманидаги хонадонлар текширилганда, улардан бирида «Достинекс», «Циклоферон» ва «Прогестан» сингари 41 номдаги 31 454 дона дори-дармон ноқонуний равишда сақланаётгани фош этилди. Умумий баҳоси 1,1 миллиард сўмдан ошадиган мазкур препаратлар 1975 йилда туғилган яшнободлик фуқарога тегишли бўлиб, мамлакат ҳудудига контрабанда йўллари билан олиб кирилган ва Тошкент шаҳридаги дорихоналар тармоғи орқали тарқатилиши кўзда тутилган.
Бошқа бир ҳолатда эса ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ходимлари Сергели туманида жойлашган, дори-дармонларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга қарашли омборни кўздан кечиришди. Текширув давомида тегишли сифат ҳужжатларига эга бўлмаган «Ардуан», «Актовегин», «Феромакс», «Сипраксол», «Сефотаксим» каби 204 турдаги жами 111 613 дона дори воситаси топилди. Ушбу маҳсулотларнинг тахминий қиймати 584 миллион сўмга баҳоланмоқда. Бундан ташқари, мазкур омборнинг ертўла қисмида муддати тугаган дориларни янгидан қадоқлашга мўлжалланган яширин цех фаолияти ҳамда 25 дона махсус техник жиҳоз мавжудлиги аниқланди.
Иккала ҳолат юзасидан ашёвий далил сифатида олинган препаратларнинг намуналари текширув ва хулоса олиш мақсадида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасига юборилди.








