Ғазода янги полиция кучлари: АҚШ 4 минг фаластинликни Мисрда ўқитмоқчи
Номзодлар Исроил хавфсизлик хизматлари томонидан олдиндан текширилган.

Вашингтон Исроил разведкаси томонидан текширилган 4 минг фаластинликни Ғазо сектори полициясида хизмат қилиш учун Мисрга юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ахios нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр ёзишича, АҚШ Ғазо секторининг жанубидаги ҳудудлардан бирини “Тинчлик кенгаши” кўмагида тузилган технократик Фаластин маъмуриятига топширишни ҳам кўзламоқда. Шунингдек, анклавга халқаро барқарорлик кучларини жойлаштириш, қиш мавсумида эса кўчма уйлар ва қурилиш материалларини олиб кириш режалаштирилган.
Оқ уй ва “Тинчлик кенгаши” ушбу чоралар рўйхатини Исроил ҳукуматига етказган. АҚШ Исроил мазкур режалар амалга ошишига тўсқинлик қилмаслигига умид қилмоқда. Тинчлик режасининг кейинги босқичлари ҳам Тел-Авивнинг позициясига боғлиқ бўлади.
22 январь куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида 19 мамлакат вакиллари Ғазо тинчлик жараёни доирасида тузилган “Тинчлик кенгаши” низомини имзолаган. Ташкилот Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув асосида Ғазони бошқариш масалаларида иштирок этиши кўзда тутилган.
Ҳозирда тинчлик жараёнининг иккинчи босқичига ўтиш, жумладан, анклав бошқарувини махсус тузилган технократик қўмитага топшириш ҲАМАС жангариларини қуролсизлантириш масаласи сабаб мураккаблашмоқда.








