"Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар" китоб альбомининг 20 жилди Саудия миллий кутубхонасига туҳфа этилди
Ўзбекистон делегацияси Қирол Фадҳ номидаги миллий кутубхонада бўлди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва қатор муассасалар масъулларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Ар-Риёд шаҳрида жойлашган Қирол Фадҳ номидаги миллий кутубхонага ташриф буюрди.
Ўзбекистон делегациясини халқаро бўлим бошлиғи Абдулазиз Алзеер ва қўлёзмалар департаменти раҳбари Талал Алшамирс кутиб олди. Турли даврларни ўз ичига олган ноёб қўлёзмалар, китобат санъати намуналари, архив ҳужжатлари ва кутубхона фондига тааллуқли артифактлар делегация аъзоларига намойиш этилди. Бу ерда Марказий Осиё ва Ўзбекистон маданий тарихига оид ноёб китоблар сақланаётгани маълум қилинди. Биринчи тошбосма китоб – мелодий 1592-йилда Италияда нашр этилган Ибн Синонинг "Қонуни тиб" китоби, XI асрга тааллуқли, ҳижрий 540-йилда кўчирилган Имом Бухорийнинг Саҳиҳул Бухорий асари делегация аъзоларига намойиш этилди. Мазкур китобдан олинган кўчирма келгусида Имом Бухорий инновацион музейи экспозициясини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
"Бизда кўплаб манбалар, нодир китоблар бор. Аммо уларнинг энг мўътабарлари Мовароуннаҳр алломаларининг асарларидир. Биз айни вақтда мавжуд фондни каталоглаштиряпмиз. Илмий тадқиқ этишда эса, Бухорий авлодлари сифатида кўмагингиз лозим бўлади. Ўз навбатида биз ҳам, ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз. Бу олиб борилаётган ишлар давлатингиз раҳбари ташаббуси ва хайрихоҳлиги асосида бўлаётгани эсабизни янада мамнун этди", — деди қўлёзмалар департаменти раҳбари Талал Алшамирс.
Учрашув сўнгида миллий кутубхона масъуллари билан ҳамкорликнинг келгуси босқичлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган "Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар" китоб альбомининг 20 та жилди кутубхонага Ўзбекистон номидан туҳфа этилди.
"Юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йирик мегалойиҳа амалга ошириляпти. Очиғи, бу маданий-гуманитар соҳадаги биринчи кенг кўламдаги лойиҳа. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти бугун Сиз эътироф этаётган ҳамкорликни янги поғоналарга олиб чиқишига ишонаман", — деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Масъуллар август ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган Конгрессга таклиф қилинди. Ўз навбатида мезбонлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашди ва туҳфа этилган китоблар учун миннатдорлик билдиришди.







