Собиқ вазир иши бўйича жами 50 нафар шахс судга тортилган
Бу ҳақида Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 август куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг иш юритувида бўлган А.Воитов (Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган) ва бошқаларга ҳамда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг иш юритувида бўлган Х.Каримов (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган) ва бошқаларга оид жиноят ишларини битта иш юритувга бирлаштириш юзасидан дастлабки эшитув ўтказилди.
Дастлабки эшитув Жиноят-процессуал кодексининг 405-6-моддаси талабига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида ўтказилиб, унинг натижаси бўйича иккита жиноят иши битта иш юритувга бирлаштирилди.
А.Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни 2024 йил 5 сентябрь соат 15.00 да жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида бошланади.
Тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
29 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига “гаров“ ва 6 нафарига "муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.







