Тошкентда 300 га яқин олимлар иштирокида VIII Халқаро Конгресс бошланди
У “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида ўтказилмоқда.

Бугун, 23 август куни Тошкент шаҳрида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида ўтказилаётган анъанавий VIII Халқаро Конгресс бошланди.
Қайд этилишича, ушбу нуфузли Конгресс 300 га яқин хорижлик ва маҳаллий мутахассислар, экспертлар, етук олимлар, фан арбоблари, ёш тадқиқотчилар, диний соҳа вакилларини бир майдонда бирлаштиради.
4 кун давомида Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтадиган Конгресснинг мақсади – Янги Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги тараққиёт йўли, янги юксалиш даврида эришилаётган ютуқлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда оммалаштиришда маҳаллий олимлар ва халқаро илмий экспертлар ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни таъминлашга қаратилган.
Жорий йилда Бутунжаҳон жамиятининг анъанавий халқаро конгресси бевосита Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Конгрессда эътибор кўпроқ марказнинг кутубхона ва музейлари фондини халқаро андозаларга мос, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб бойитиш, марказ фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилмоқда.
Конгресс кун тартибидан Биринчи ва Иккинчи Шарқ ренессансларининг буюк олимлари ва фаолияти асосида Ўзбекистоннинг бой маданий ва илмий меросини кенгроқ ўрганиш ҳамда оммалаштириш, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитиш каби масалалар ҳам ўрин олган.
Конгрессда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон раев, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрoл Килич, “Ал-Фурқан” Ислом мероси жамғармасининг Ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Халқаро Туркий академия президенти, академик Шоҳин Мустафаев, Марказий Осиё ва Кавказ институтининг асосчиси ва раиси, профессор Фредерик Старр, “Ислом олимларининг 1001 кашфиёти” лойиҳаси асосчиси ва бош продюссери Аҳмад Салим сингари дунёнинг 35 та давлатдан 300 га яқин олимлар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.







