Тошкентда Олтин маркази қоровули калтаклаб кетилди
Ҳозирда безорилик содир этган шахсларга жиноят иши қўзғатилган.

23 август куни Чилонзор туманидаги “Олтин маркази” олдида 1984 йилда туғилган A.Ш. Malibu русумли автомашинада автотураргоҳга кирмоқчи бўлган. Бироқ автотураргоҳ назорати ходимлари автотураргоҳда жой йўқлигини маълум қилишган ва автомашинада келган фуқаролар ҳамда назорат бўлими ходимлари ўртасида оғзаки тортишув бошланган.
Шундан сўнг A.Ш. ўзининг танишларини чақирган ва улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан автотураргоҳ олдида жанжал кўтаришган. “Олтин маркази”да қоровул бўлиб ишловчи 1986 йилда туғилган Ғ.И. ва 1981 йилда туғилган A.K.ларни урган вақтида, марказ назорат бўлими ходими 1995 йилда туғилган Ж.И. уларнинг безорилик ҳаракатига чек қўйиш мақсадида ажратмоқчи бўлган. Натижада ушбу шахслар ўз фуқаролик бурчини бажараётган Ж.И. ни уриб тан жароҳати етказишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.







