Зангиотада рўмол ўраб, ниқоб тақиб юрган аёл судланди
Аёл томоғида аллергия борлиги сабабли ниқоб тақиб юришини айтган.

2 август куни соат 11:51 лар атрофида Зангиота тумани Мустақиллик кўчасида аёл жамоат жойида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда ҳаракатланиб келгани юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Судда аёл мебель цехида ишчи вазифасида ишлаб келишини айтган. 2 август куни соат 11:50 да шу кўчада жойлашган озиқ-овқат дўконига нон ва қатиқ маҳсулотини харид қилиш учун юзида «маска» тақилган ҳолатда кетаётган вақтида ИИБ ходимлари уни тўхтатиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сўраган.
Томоғида аллергия борлиги сабабли ниқоб тақиб юришини, касаллиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги, жамоат жойида ниқоб тақиб юриш мумкин эмаслигини билмаслиги, ишдан шошиб чиққани сабабли ниқобини ечмагани учун узр сўраб, оилавий шароити оғирлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, ёлғиз аёл эканини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.
Суд қарори билан аёл маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва 1,7 млн сўм жаримага тортилди.







