“Open budjet” учун овоз беришга мажбурлаш ҳолатлари учрамоқда
Бу каби ҳолатлар кўпроқ мактабларда кузатилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсумида овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан келиб тушган мурожаатлар статистикасини эълон қилди.
Маълум қилинишича, овоз бериш босқичи давомида фуқаролар томонидан бугунги кунга қадар 1282 ишонч рақамига овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари бўйича жами 39 та шикоят келиб тушди.
Бунда, энг кўп мурожаат келиб тушган ҳудудлар:
- Фарғона вилоятида — 7 та;
- Тошкент шаҳрида — 6 та;
- Наманган ва Жиззах вилоятларида — 5 тадан.
Соҳалар кесимида:
- умумтаълим мактаблари бўйича — 19 та;
- тиббиёт ташкилотлари бўйича — 16 тани ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, келиб тушган барча мурожаатлар кўриб чиқиш учун тегишли туман (шаҳар) Халқ депутатлари Кенгашларига юборилади ҳамда ҳолат ўз тасдиғини топса, мазкур лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади ёки ғолиблар рўйхатидан чиқарилиши мумкин.







