“Маҳаллий маҳсулотлар бизни талабга жавоб бермайди” деган баҳона энди ўтмайди — Шавкат Мирзиёев
Президент тадбиркорлар иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестиция оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Унда соҳада фаолият юритаётган 100 дан ортиқ тажрибали тадбиркорлар ҳам иштирок этмоқда.
Президент электротехника экспорти 1 миллиард долларга етгани, тўқимачиликдан кейинги иккинчи маҳаллий саноат тармоғига айланганини таъкидлади.
Лекин, шу билан бирга смарт карта, генератор, телекоммуникация воситаси, офис техникаси каби яна бир қатор электротехника маҳсулотларини ўзимизда чиқариш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Минтақамиздаги 5 миллиард долларлик бозор имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Президент ҳамма давлатлар ички бозорининг ҳимоясига қаттиқ киришган шароитда ягона йўлимиз – сифатни таъминлаш ва таннархни тушириш орқали маҳсулотимиз рақобатдошлигини ошириш эканини таъкидлади.
Бунга тармоқдаги қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш орқали эришиш мумкин.
Ҳозирда энергетика, қурилиш, сув хўжалиги, автомобилсозликда электротехника маҳсулотларига талаб кун сайин ошиб бормоқда.
Масалан, энергетика соҳасида 36 миллиард долларлик 27 гигаватт электр энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаяпти.
Кейинги уч йилда сув иншооти, магистрал тармоқ ва тақсимлаш нуқталарига 4 минг 150 та сув ҳисоблагич ўрнатиш, 2026 йилгача 243 та газ тақсимлаш пунктларини янгилаш вазифаси турибди.
Йилига қурилаётган 100 мингта хонадонли кўп қаватли уй-жой ҳамда 13 миллион квадрат нотурар бинолар учун ҳам кабель, трансформатор, иситиш ва совитиш тизимлари, насос, лифт, кузатув воситалари, электр ва газ ҳисоблагичлари керак.
Автомобиль саноатида ҳар йили 200 миллион доллардан ортиқ электротехника маҳсулоти импорт бўлаяпти.
Ушбу тармоқларнинг барчаси давлатдан имтиёз ва арзон маблағлар олаётганига эътибор қаратиб, Президент мутасаддиларнинг “маҳаллий маҳсулотлар бизни талабга жавоб бермайди, импорт қилишга мажбурман” деган баҳонаси эндиликда ўтмаслигини қайд этди.







