Президент раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича йиғилиш бошланди
Йиғилишда камбағалликни 11 фоизга пасайтиришга эришилгани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Тўрт йил аввал бу борадаги ишлар бошланганида 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмас эди.
Шу даврда аҳолимиз 3,7 миллионга кўпайди, камбағаллик чегараси ҳам тегишли равишда 1,5 карра оширилди.
Бунга қарамасдан, 3,5 миллион одамни даромадли қилиш ҳисобига 2023 йил якуни билан камбағалликни 11 фоизга пасайтиришга эришилди.
Аввало, ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра оширилиб (466 минг оиладан 2,2 миллионга), ўтган йили бу мақсадларга 12,3 триллион сўм ажратилди. Пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар кўпайтирилди.
Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилгани таъкидланди.
Маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилди.
Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг аҳоли, аввало ёшларга деҳқончилик қилиш учун даромад келтирувчи актив сифатида тарқатилди.







