Фарғонадаги маҳорат марказига яширин камера ўрнатилди
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида жойлашган Фарғона педагогика маҳорат марказидаги хоналардан бирида яширин камера ўрнатилгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Камера хонадаги шкаф устида турган, қўл меҳнати билан ясалган кичик уйча ичига ўрнатилган. Уни маҳорат марказига малака оширишга келган ўқитувчилар топиб олган. Улар ҳолатни видео тасвирга олиб, яширин камера ўрнатилганидан норози бўлган ҳамда хонада айрим аёл-қизлар усти-бошини ҳам алмаштирганини айтган.
Ҳолат Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганиш жараёнида ушбу хона аёллар хонаси эмас, дарс машғулотлари ўтказиладиган аудитория экани, камерани марказ ўқитувчиларидан бири ўрнатиб қўйгани аниқланган.
“Кузатув камераси айнан ўша аудиториянинг камераси ишламай қолганлиги сабабли қўйилган эди. У ўқув хонаси бўлган. Кафедрамизнинг 6 та аудиторияси бор. Марказимизда ҳеч қандай ечиниб-кийиниш хонаси ҳам, ётоқхона ҳам мавжуд эмас. Биз қилган битта хатойимиз камерани очиқ ўрнатмаганимиз. Мен бу даражада шов-шув бўлиб кетади, деб ўйламагандим. Албатта, бу камчилимизни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Афсусдаман, узр сўрайман. Мақсадим шу дарс жараёни ҳақида маълумотга эга бўлиш эди”, деган камерани ўрнатиб қўйган ўқитувчи.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилган.







