Юқори Чирчиқда ҳайдовчи йўловчига порнографик видео қўйиб берди
Суд қарори билан у ҳозирда қамалган ва жаримага тортилган.

Бугун, 20 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туман судида вояга етмаган қизга беҳаё видеолар қўйиб берган 27 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди.
Ҳолат 19 сентябрь куни соат 12:10 ларда Юқори Чирчиқ тумани Уч чинор маҳалласидан ўтувчи йўлда содир бўлган. Ҳайдовчи Nexia русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, 6-cинф ўқувчисини йўловчи сифатида автомашинасининг орқа ўриндиғига ўтказиб олиб кетган. Йўлда кетаётган вақтида қизга ўзининг телефонидан порнографик мазмунга эга бўлган видеоларни кўрсатган.
Шундан сўнг қизча унинг ҳаракатларига норозилик билдириб, машинани тўхтатишни талаб қилган. Ҳайдовчи эса қизни уятли сўзлар билан сўкиб, машинани тўхтатган ва йўл четида қолдирган.
Эркак суд мажлисида нима сабабдан бундай иш қилганлигини тушунтириб беролмаслигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўраган.
Суд қарори билан эркак МЖтКнинг 183-моддаси ва 189-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва 15 суткага қамалган. Шунингдек, унга нисбатан БҲМнинг 100 баравари миқдорида, яъни 34 млн сўм жарима жазоси тайинланган.







