Чегарада оёқ кийимида 20 минг доллар олиб ўтаётган шахс ушланди
Шунингдек, фуқаронинг ён чўнтагидан 10 минг доллар топилган.

Жорий йилнинг 25 сентябрь санасида Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона постига пиёда сифатида кириб келган фуқаро тегишли тартиб доирасида божхона назоратидан ўтказилган.
Дастлаб божхона ходимининг оғзаки сўровида фуқаро 5 000 АҚШ доллари ҳамда 38 млн сўм миқдорда миллий валюталарни тақдим этади. Ушбу нақд пуллар қайта ҳисоб-китоб қилинган вақтда эса, 5 000 АҚШ доллари дея тақдим этилган валюталар аслида 10 000 АҚШ доллари, миллий валюталар эса 38 млн сўм эмас балки, 61 580 000 сўм эканлиги аниқланган.
Мазкур вазият фуқаронинг божхона назоратини четлаб ўтиш мақсади борлигидан далолат беради ва божхона ходимларининг гумонларини янада оширади.
Ҳолатга ойдинлик киритиш учун тайинланган божхона кўриги давомида, фуқаро яна 20 минг АҚШ долларини оёқ кийими остига ва 10 минг АҚШ долларини ён чўнтакларига беркитиб, олиб чиқишга уринганлиги тасдиқланган.
Ҳозирда фуқаронинг мазкур хатти-ҳаракати юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлиб, жами 50 минг АҚШ доллари ва 61 580 000 сўм миқдордаги миллий валюталар ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча сақловга олинган.







