Мирзиёевга Татаристоннинг “Дўстлик” ордени берилди
Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрига ташрифнинг биринчи кунида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихонов билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Татаристон билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда етакчи корхоналарнинг саноат кооперацияси ва фаол гуманитар алмашинув ўзининг амалий натижаларини бераётгани қайд этилди. Фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифларни давом эттириш, Ўзбекистон ҳудудида қўшма иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, учрашувдан сўнг Ўзбекистон раҳбарини Татаристон Республикасининг давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мукофотни Татаристон Раиси Рустам Миннихонов тантанали равишда топширди. Президент ушбу орден билан Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотланган.
Мирзиёев Татаристон раҳбарига мукофот учун самимий миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликда юқори натижаларга эришилганини қайд этди ҳамда Татаристон халқига тилакларини билдирди.







