Имом Бухорийнинг 825 йиллик “Саҳиҳи Бухорий” қўлёзмаси нусхаси топилди
У Туркиядаги Памуккала университети кутубхонасида сақланади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталикда Туркиянинг Памуккала университетида топилган Имом Бухорийнинг "Саҳиҳи Бухорий" қўлёзмаси ҳақида сўз борди.

Профессор Маҳмуд Язичининг маълум қилишича, мазкур қўлёзма 825 йиллик тарихга эга бўлиб, Памуккала университети кутубхонасида сақланади. Ушбу нусха дунёдаги энг қадимий қўлёзмалардан бири саналади.

26 октябргача давом этиши белгиланган Ўзбекистон халқаро маданий мероси ҳафталиги давомида бугунгача Ўзбекхон Қуръони, Темурийзода малика Шодмалик Султон қўли билан ёзилган Қуръон мусҳафи, Сомонийлар даврига оид Қуръон қўлёзмаси, шунингдек, Бобурийлар даврига оид муҳташам альбом каби ноёб топилмалар ва илмий янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.







