SpaceX компанияси Ўзбекистонга миллий космик дастурни ишлаб чиқишда ёрдам беради
Бу ҳақида "Ўзбеккосмос" агентлиги хабар берди.

Италиянинг Милан шаҳрида 75-Халқаро астронавтика конгресси ўтказилди, унда 120 та давлатдан космик агентликлар ва халқаро ташкилотлар, илмий таълим марказлари раҳбарлари, жаҳон космик ҳамжамияти вакилларидан иборат 11 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Қайд этилишича, конгрессда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Халқаро астронавтика федерацияси лидерлари саммитида махсус баёнот билан иштирок этган.
Шунингдек, форум доирасида агентлик вакиллари Халқаро астронавтика федерацияси, Intersputnik халқаро ташкилоти ва шу каби қатор йирик хорижий агентликлар раҳбарлари билан 30 дан зиёд манфаатли учрашувларни ўтказган. Роботлаштирилган космик аппаратлар ва бошқа технологиялар ёрдамида Ойни тадқиқ қилишга ихтисослашган Ispace (Япония) компанияси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
"АҚШнинг SpaceX ва Буюк Британиянинг Surrey Satellite Technology компаниялари Ўзбекистоннинг миллий космик дастурни ишлаб чиқишда эксперт маслаҳатларини беришга тайёр эканликларини билдиришди", — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Япониянинг Кюшу технологик институти – аэрокосмик муҳандислик йўналишида мутахассисларни тайёрлаш бўйича дастлабки ўқув дастурига келишилган.







