Тошкентда 9 ноябрь куни “Яшил шаҳар” куни ўтказилади
Шаҳар ҳокимлиги фуқароларни дарахт экиш ташаббусига қўшилишга чақирди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати барча ташкилотлар, корхоналар ҳамда фаол фуқароларни дарахт экиш ташаббусига қўшилишга чақирди. Фуқаролар дарахтларни ўзлари хоҳлаган жойда — уй ҳовлисида, корхона ҳудудида ёки ҳокимликка мурожаат қилиб, бошқа тавсия этилган мақбул жойларда экиши мумкин.
Хабарда таъкидланишича, пойтахтнинг иқлим шароити ва мавсумий хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ягона экотизимни сақлаш учун, мутахассислар дарахтларнинг яхши илдиз отиши учун қаламчалар ўрнига 2 ёшдан катта кўчатларни экишни ва суғориш тизими мавжуд жойларни танлашни тавсия этади.
Минтақада тарихан ўзини яхши кўрсатган манзарали дарахтларнинг қуйидаги турларига эътибор қаратиш сўралди: чинор лола дарахти липа каталпа, заранг, қайрағоч, эман, оқ/пушти акация.







