Зироат Мирзиёева Бокудаги саммитда иштирок этди
Биринчи хоним ёшларнинг иқлимга оид ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Ёшларнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлардаги етакчилиги” мавзусидаги форумда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон биринчи хонимлари ҳамда ёш экофаоллар қатнашди, деб хабар қилмоқда ЎзА.
Форумда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан ёш авлод – гўдаклар, болалар ва ўсмирлар ҳаётига катта таъсир кўрсатаётгани, миллионлаб ёшлар табиий офатлардан, қурғоқчиликдан, сув ва озиқ-овқат танқислигидан ҳар куни азият чекаётгани қайд этилди.
— Бу ҳодисаларга қарши курашни ёш авлодсиз, унинг онгли ва фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу нуфузли минбардан туриб, бугун Марказий Осиё ва Туркий халқлар ёшлари ҳам мана шу глобал ҳаракатнинг ажралмас қисми сифатида шаклланаётганини қайд этиш менга катта фахр бағишлайди, — деди Зироат Мирзиёева.







