Фарғонада ИИО ходими билан жанжаллашган фуқаро қамалди
Шунингдек, унга жарима жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, 24 ноябрь куни Олтиариқ туманида яшовчи фуқаро деҳқон бозорига кириш эшиги олдига “Nexia-3” русумли автомашинасини қўйиб, фуқароларнинг ҳаракатланишига халақит берган. Бу эътирозларга сабаб бўлганлиги учун ИИО ходими томонидан транспорт воситасини бу жойдан олиши айтилган. Бироқ фуқаро ходимнинг қонуний талабларини бажармай, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бақир-чақир қилиб, сўкиниб, жанжал кўтарган.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.С.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан Б.С.га нисбатан юқоридаги моддалар асосида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари жарима жазоси тайинланган.







