Навоийда киберхавфсизлик ходими пора билан ушланди
У ўз ваколатига кирувчи вазифани пул эвазига бажармоқчи бўлган.

Судланувчи Навоий вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими Кармана туманида яшовчи фуқаронинг пластик картасидан 62 млн сўм пул маблағини ноқонуний ечиб олган шахсларни аниқлаб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган.
Бундай ҳолатларни фош этиш катта тезкор ходимнинг бевосита хизмат вазифасига кирсада, у жабрланувчидан сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга шу модданинг 1-қисми билан 2 йил муддатга ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.







