Уйида 25 мингта пиротехтника воситаларини сақлаган шахс ушланди
Уларнинг қиймати салкам 50 млн сўмни ташкил этади.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари билан биргаликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Хусусан, тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, у ерда 8 турдаги 25 минг 336 дона салют ва петардалар кейинчалик сотиш мақсадида сақланаётганлиги фош бўлди.
Хорижда ишлаб чиқарилган ва муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган мазкур пиротехника воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 47 млн сўмни ташкил қилмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2024 йилда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 8 та ҳолатда қиймати 200 млн сўмлик 184 122 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айлануви олди олинган.







