Тошкент вилоятида поезд "Damas"ни уриб юборди
Ҳодиса Далагузар — Назарбек темирйўл кесишмасида содир бўлган.

“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 15 декабрь куни содир бўлди. "Damas" ҳайдовчиси тақиқловчи белгиларга эътибор бермай, ноқулай об-ҳаво шароитида темирйўлни кесиб ўтишга ҳаракат қилганида автомашина темирйўлларга тиқилиб қолган.
"Damas" эгаси ва бошқа автомашиналар ҳайдовчилари билан биргаликда машинани суришга ҳаракат қилган, аммо бунинг иложи бўлмаган.
Юк поезди машинисти рельсда тиқилиб қолган машинани кўриб, дарҳол шошилинч тормозлашни фаоллаштирган. Бироқ юк поездининг 800 метрдан 1000 метргача бўлган тормоз масофаси ҳисобга олинса, тўқнашувнинг олдини олишнинг иложи бўлмаган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.







