Шерлар ҳужуми сабаб ҳалок бўлган эркак бўйича жиноят иши қўзғатилди
Воқеа Паркент туманидаги хусусий ҳайвонот боғида содир бўлган.

Тошкент вилояти Паркент туманидаги Lion park хусусий ҳайвонот боғида шер ҳужум қилган қоровул ҳалок бўлгани юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.
Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, жиноят иши Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан малакаланган. Ҳужжатлар тергов ҳаракатларини олиб бориш учун ички ишлар органларига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, 17 декабр куни Паркент туманидаги Lion park хусусий ҳайвонот боғидаги бир қафасда сақланаётган учта шер қафасдан боғ ҳовлисига чиқиб кетган. Ҳовлидаги шерлар шу ерда қоровул бўлиб ишловчи 44 ёшли Ф.И.га ташланиб унга жароҳат етказган. Фуқаро олган тан жароҳати оқибатида вафот этган. У ҳайвонларни катакка қайтармоқчи бўлган.
Иккита шер ухлатувчи дори воситалар қўлланган ҳолда катакка қайтарилган, биттаси эса маҳаллий овчи таклиф қилинган ҳолда отиб ўлдирилган.







