Абдуқодир Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов ким?
У ҳақида сиз билмаган фактлар.

Шу кунларда ўзбек ўғлони, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ хабарлар дунё футбол мухлислари диққат-марказида бўлиб турибди.
Биласизми, Абдуқодирни вояга етказган ва фаолиятидаги катта ўзгаришларга асосий сабабчи бўлган инсон унинг отаси – Ҳикмат Ҳошимов ҳам ўз даврида Ўзбекистон футболчилари орасида ажойиб ўйинлари билан ном қолдирган.
Ҳикмат Ҳошимов 1979 йил 12 майда Тошкент шаҳрида туғилган. У профессионал футболчилик фаолиятини 1998 йили МҲСКда бошлаган. Шундан сўнг, ўзининг ярим ҳимоя ва ҳимоя чизиғидаги ёрқин ўйинлари натижасида 2001 йил Сўғдиёна клубига ўтади. Орадан икки йил ўтгач, Ҳикмат Ҳошимов “Металлург” таркибига қўшилади, 2005 йилда эса “Локомотив” аъзосига айланади. 2006-2008 йилларда ҳимоячи сифатида “Андижон”, “Насаф” ва “Металлург” жамоаларида тўп тепади.
2008 йил ўзининг севимли “Металлург” жамоасига қайтади. 2018 йилга қадар жамоа билан турли мусобақаларда иштирок этади. 2016 йилги миллий чемпионатда Ҳикмат Ҳошимов барча 30 та ўйинда тўлиқ, ўзгаришларсиз ўйнаган ягона футболчига айланди.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Ҳикмат Ҳошимов 2010 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида 6 ой давомида “Бунёдкор” сафида ижара асосида ўйнайди. Ушбу давр мобайнида мамлакат чемпиони ва кубогининг олтин медаллари билан тақдирланади. 2018 йили “Металлург” жамоасида футболчилик фаолиятини якунлайди.
Ҳикмат Ҳошимов 2007-2008 йилларда Ўзбекистон терма жамоаси сафида жами 13 та ўйинда иштирок этиб, 1 та гол урган. Унинг термадаги илк ўйини 2007 йилнинг 7 февраль куни Озарбайжонга қарши ўтган. Ўша йили 23 март куни Тайвань терма жамоасига қарши ўтган учрашувда гол урган ва бу гол терма жамоамизга ғалаба келтирган.
Маълумот ўрнида: Ҳикмат Ҳошимов клубда 4-рақам остида, терма жамоа сафида эса 13-рақамда майдонга тушган. Шуниси аҳамиятлики, у 20 йиллик фаолияти давомида 12 йил “Металлург” сафида майдонга тушган.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, футболчилик фаолиятидаги трансфер нархи “Трансфермаркт” портали томонидан 150 минг еврога баҳоланган. Собиқ футболчи Ҳикмат Ҳошимов ўғли Абдуқодир Ҳусановни ортиқча босимдан ҳимоялаш учун фамилиясини ўзгартирган ва бобосининг фамилиясини берган. Ҳозирда Ҳикмат Ҳошимов “Бунёдкор” U19 жамоасида мураббийлик қилмоқда.







