Трамп Байденнинг 78 қарорини бекор қилди
Шунингдек, у федерал идораларга янги қоидалар чиқаришни тақиқлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Жо Байден даврида қабул қилинган 78 та қарорни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақида у инаугурациядан кейин Вашингтонда бўлиб ўтган митингида эълон қилди.
“Президент Трамп имзолаган биринчи ҳужжат Байден давридаги 78 та қарорни бекор қилишдир”, дейилади баёнотда.
Президент, шунингдек, федерал идораларга янги маъмурият ҳукумат ишини тўлиқ назоратга олмагунча янги қоидалар чиқаришни тақиқлаб, тартибга солувчи мораторийни жорий қилди.
Яна бир фармонида барча федерал ходимларни офис ишларига тўлиқ иш вақтига зудлик билан қайтишни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, 20 январь куни Трамп Капитолийда инаугурация маросимида қасамёд қабул қилиб, АҚШ президенти лавозимига расман киришди.







