Тошкентда 6 киши ис газидан вафот этди: ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган
Маълумотларга кўра, ҳодиса содир бўлган уйдаги иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган.

2026 йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий уйда ис газидан заҳарланиш оқибатида 6 киши вафот этди, яна икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйнинг ертўласига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган. Шунингдек, газ тармоғига белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланиш ҳолати аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116, 257 ва 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.








