8 ёшли қизга нисбатан уятсиз ҳаракатлар содир этилди: жиноят иши қўзғатилди
Ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги назоратига ҳам олинган.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида 8 ёшли қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2026 йил 23 октябрь куни Қоракўл тумани ҳудудида содир бўлган. Фуқаро Ш.Р. вояга етмаган қизга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутади.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жараён прокуратура назоратига олинган.
Шунингдек, Қоракўл туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан қизнинг ҳолати ўрганилиб, унга зарур ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги назоратига ҳам олинган.








