Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида ҳаво сифати ёмонлашди: бунга нима сабаб бўлмоқда?
Эколог олимлар ҳаво ифлосланишининг сабаблари бўйича батафсил тушунтириш берди.

Сўнгги кунларда ҳаво сифатининг кескин ёмонлашуви яна жамоатчилик эътибори марказида бўлиб турибди. Бироқ экологларнинг таъкидлашича, муаммо фақат Ўзбекистон пойтахтигагина тааллуқли эмас, балки бутун минтақага ёйилган. Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасида миллий ва халқаро кузатувлар маълумотларига асосланган ҳолда юзага келган ҳолат сабабларининг батафсил таҳлили тақдим этилди.
Рақамлар нима демоқда?
Мониторинг маълумотларига кўра, 26 октябрь куни Марказий Осиёнинг 8 та йирик шаҳридан 6 тасида ҳаво сифати индекси (АQI) 100 бирликдан иборат хавфли чегарадан ошган.
Бишкекда бу кўрсаткич 160 гача кўтарилди (шаҳар ифлосланиш даражаси бўйича жаҳон антирейтингида тўртинчи ўринни эгаллади), Тошкентда 157 га етди, Чимкентда 149, Душанбе ва Қарағандада эса 134 ни ташкил қилди. Қўшни Қозоғистонда ноқулай метеорологик шароит қайд этилган шаҳарлар сони саноқли кунлар ичида тўрттадан ўнтагача ошди.
Тошкентда ўртача кунлик индекс атиги беш кун ичида 76 фоизга — 21 октябрдаги 93 пунктдан 26 октябрда 164 пунктгача кўтарилди. Шу билан бирга, ифлосланишнинг энг юқори чўққиси тунги соатларга тўғри келди: сўнгги ойда соат 23:00 да ўртача кўрсаткич 119 га етган бўлса, 17:00 да бу кўрсаткич 82 атрофида сақланиб турган. Бир-биридан юзлаб километр масофада жойлашган шаҳарларда атмосферанинг бир вақтда хиралашиши муаммонинг туб сабаби минтақавий кўламдаги атмосфера жараёнлари эканини тасдиқлайди.
Сабаблар: антициклон ва ҳарорат инверсияси
Октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида Марказий Осиё ҳудуди устида кам ҳаракатланувчи антициклон ўрнашди. Шамолсиз об-ҳаво (штил), ёғингарчиликнинг йўқлиги ва кучли ҳарорат инверсияси ҳавонинг табиий айланишини тўсиб қўйди.
Бу жараённинг физик моҳияти шундаки, илиқ ҳаво қатлами совиган ер юзасини худди зич қопқоқ сингари қоплаб олади. Натижада атмосферанинг вертикал алмашинуви тўхтайди. Бундай шароитда, ҳатто ташламалар ҳажми ҳақиқатда ошмаган тақдирда ҳам, PМ2.5 микрозаррачаларининг концентрацияси шиддат билан ортиб боради. Чунки автотранспорт газлари, иситиш тизимларидан чиқаётган тутун, саноат чиқиндилари ва муаллақ чанглар ерга яқин қатламда қамалиб қолади.
Табиий чанг ва антропоген омил тўқнашуви
Марказий Осиё Қорақум, Қизилқум чўллари ҳамда Орол денгизининг қуриган тубини (Оролқум) ўз ичига олган кенг қурғоқчил (арид) минтақада жойлашган. Чанг оқимлари давлат чегараларини осонликча кесиб ўтади, шу боис трансчегаравий чанг кўчиши муаммосини фақат бир шаҳар доирасида алоҳида ҳал этиб бўлмайди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидан олинган ҳаво намуналарининг лаборатория таҳлили PМ2.5 заррачалари билан ифлосланиш даражасини қуйидагича кўрсатди:
- 39,7% — чўлларнинг табиий минерал чанги;
- 42,6% — ёниш жараёнлари (транспорт, саноат ва энергетика тизими).
Фаол чанг бўронлари даврида пойтахт ҳавосидаги табиий омил улуши 64 фоизгача, айрим намуналарда эса 78 фоизгача кўтарилган.
Йиллик динамика ва мониторинг тармоғи
Экология қўмитаси ифлосланишнинг қисқа муддатли кўтарилишларини умумий йиллик динамикадан ажратиб баҳолаш зарурлигига эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг январь ойидан 19 октябригача бўлган даврда Тошкент ҳавосидаги PМ2.5 заррачалари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга, PМ10 заррачалари эса 32 фоизга камайган. Октябрь ойи учун ҳаво сифатининг ўртача индекси ҳам 124 дан 104 гача яхшиланган.
Ўз вақтида назорат олиб бориш мақсадида Ўзбекистонда кузатув тармоғи кенгайтирилди: бугунги кунда миллий платформага 28 та автоматик мониторинг станцияси уланган бўлиб, уларнинг маълумотлари олимларга узатилади ва реал вақт режимида жамоатчилик учун очиқ ҳисобланади.
Нима қилиш керак?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва тупроқ намлигининг пасайиши чанг бўронлари ҳамда ҳаво димланиши ҳолатлари тез-тез юз беришига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан қуйидагилар асосий чора сифатида кўрилмоқда:
- чанг кўчишларини биргаликда прогноз қилиш учун Марказий Осиё давлатлари гидрометеорология хизматлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш;
- инверсия ҳодисаларини олдиндан прогноз қилиш ва аҳолини тезкор хабардор қилиш;
- транспорт, қозонхоналар ва заводлардан чиқадиган ташламаларни режали тарзда камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш;
- қурилиш майдонларида чангни бостириш чораларини қатъий назорат қилиш ва ўсимлик қопламидан маҳрум бўлган очиқ ер майдонларини кенг кўламда кўкаламзорлаштириш;
- ҳаво йўлакларини сақлаб қолган ҳолда шаҳарсозликни тўғри ва оқилона режалаштириш.
Олимларнинг асосий хулосаси: об-ҳаво шароити экологик вазиятни бир неча баробар кескинлаштириши мумкин, бироқ аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда антропоген (инсон фаолияти билан боғлиқ) юкни камайтириш ва минтақавий ҳамкорлик бош омил бўлиб қолмоқда.








