Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркияга боради
Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 29 30 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Давлат раҳбари Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг “Турк асри: тилда, фикрда ва ишда бирлик” мавзусидаги навбатдаги саммитида иштирок этади.
Ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, туризм, экология ва таълим йўналишларида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Саммит якунлари бўйича Анқара декларацияси ҳамда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга қаратилган қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.








