Сурхондарёда супургилар ичидан 612 кг “гашиш” чиқди
Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Кеча, 9 февраль куни Сурхондарё вилоятидаги “Термиз автойўллари” халқаро ўтказиш пунктида юк машинасига ортилган 22 минг 500 дона хўжалик супургилари Божхона қўмитаси ва ДХХ чегара қўшинлари томонидан кўздан кечирилди.
Тадбирда 2 986 дона супургиларнинг дастаклари орасига айнан супурги рангига мос равишда сариқ рангдаги скоч билан ўралган ўртача 25 см узунликдаги полиетилен ўрамлар топилган. Уларнинг ичида ўртача 200 гр оғирликдаги ўткир ҳидли тўқ жигарранг гиёҳвандлик воситалари олинган ҳамда улар экспресс анализ натижаларига кўра, “гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланди. Заҳри қотилнинг умумий оғирлиги ўрамлари билан бирга 612 килограммни ташкил қилади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.







