Англияда болалар боғчасидан 176 та бомба топилди
Улар Иккинчи жаҳон уруши даврига тегишли экани айтилмоқда.

Англиянинг Нортумберленд графлигидаги Вулер шаҳрида жойлашган болалар боғчасининг остидан 176 та Иккинчи жаҳон уруши даврига оид бомба топилди.
Бомбалар “Ссоттс Парк” ҳудудида олиб борилган қурилиш ишлари вақтида топилган. Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, дастлаб январь ойи ўрталарида биринчи мина қолдиғи аниқланган, бироқ ишлар давом эттирилгач, сана ва вазни ҳар хил бўлган кўплаб снарядлар юзага чиққан. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги жойни тўлиқ текшириб, дастлаб 65 та, кейинчалик яна 90 та бомба топган.
Расмийларнинг билдиришича, бу снарядлар ўқув бомбалари бўлиб, жанговар мақсадлар учун мўлжалланмаган. Бироқ улар ҳали ҳам портлаш хавфини сақлаб қолган, чунки ичида портловчи моддалар бўлиб, портлаш тизими бузилмаган.
Ҳудудда қидирув ишлари яна бир неча ҳафта давом этиши ва яна кўплаб снарядлар топилиши мумкинлиги айтилмоқда. Полиция паркнинг атиги учдан бири тозаланганини ва ер остида бошқа бомбалар ҳам бўлиши мумкинлигини билдирди.







