Сурхондарёда она эрига жаҳл қилиб боласини калтаклади
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида аёл гўдак боласини ураётгани акс этган видео тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.
Олиб борилган текширув натижаларига кўра, видеодаги ҳолат 1 йил аввал содир бўлган. Сариосиё туманида яшовчи 24 ёшли аёл 2024 йилнинг май ойида собиқ турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолган. Эркак боласи учун алимент ва бошқа моддий таъминот бермаганлиги учун аёл эрига босим қилиб қўрқитиш мақсадида видеоқўнғироқ қилган ва 2 ёшли фарзандини уриб тасвирга олган.
Терговга қадар текширувда болани соғлиғига зарар етмаганлиги аниқланганлиги сабабли ҳолат юзасидан аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳуқуқбузарлик содир қилган деб топилиб, Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди томонидан унинг жавобгарлиги масаласи ҳал этилган.
Ҳозирда аёл собиқ турмуш ўртоғи ва унинг оила аъзолари билан ўзаро низо вазиятида бўлиб, бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







