Янгийўлда ишчининг ҳалок бўлиши бўйича суд ҳукми чиқарилди
Корхона раҳбари 2 йилга қамалди.

Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги “Кавсар Мадад” хусусий корхонасида содир бўлган ишчи ўлими билан боғлиқ ҳодиса бўйича суд ҳукми чиқарилди. 2024 йил 8 июнь куни корхона ишчиси Хитойдан олиб келинган юк кўтариш механизмини ўрнатиш жараёнида темир конструкция бошига тушиши натижасида вафот этган.
Дастлабки терговда ҳодиса бахтсиз тасодиф сифатида баҳоланган бўлсада, марҳумнинг яқинлари ҳолатни қайта кўриб чиқишни талаб қилган. Натижада, тергов давомида корхона раҳбари ишчилар хавфсизлигини таъминламагани учун айбдор деб топилди.
Суд жараёнида маълум бўлишича, завод раҳбари марҳумнинг оиласига моддий ёрдам ваъда қилган, бироқ кейинчалик бу мажбуриятларини бажармаган. Гувоҳларнинг кўрсатмалари қайта ўрганилгач, воқеа меҳнат хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида содир бўлгани аниқланди.
Суд ҳукмига кўра, “Кавсар Мадад” хусусий корхонаси раҳбари Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш натижасида одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топилди. Унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда бир йил давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаш жазоси тайинланди.








