Америкалик қиз ўзи ўқиган мактабни судга берди
У мактабни аъло баҳога битирган, лекин ёзишни билмайди.

АҚШнинг Коннектикут штати, Хартфорд шаҳрида яшовчи 19 ёшли Алейша Ортиз мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган бўлсада, ўқиш ва ёзишни билмайди. У мактаб тизими етарлича таълим бермаганини айтиб, Хартфорд таълим кенгашига қарши судга мурожаат қилди. Ортиз махсус таълим хизматларидан етарли даражада фойдалана олмаганини ва бу унинг келажагига жиддий таъсир кўрсатганини таъкидламоқда.
Ортиз ўқув йилларида лекцияларни ўрганишга қийналган, аммо унга мос келувчи таълим методлари қўлланилмаган. У уй вазифаларини бажаришда матнни овозга айлантирувчи технологияларга таяниб ишлаган. Натижада, технологиянинг ёрдами билан имтиҳонлардан ўтган бўлсада, анъанавий усулда ўқиш ва ёзишни ўрганмаган. Унинг онаси мактаб расмийларидан қизига ёрдам беришларини сўраган, бироқ етарли натижага эришилмаган.
Ортиз бугунги кунда Коннектикут университетида ўқимоқда ва таълим муассасалари раҳбариятининг жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда. У мактаб раҳбариятининг эътиборсизлиги сабабли кўплаб болалар ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
“Мендан ўқиш ва ёзишни ўрганиш имкониятини олиб қўйишди. Энди эса мен олийгоҳда ўқияпман ва таълим олиш имкониятимдан тўлиқ фойдаланишни истайман”, — дейди у.







