Бухорода йигит ошқозонидан металл буюмлар олиб ташланди
20 ёшли йигит ошқозонидан 5 та тўғноғич ва 6 та мих топилган.

Бухоро вилоятида 20 ёшли йигит ошқозон ва 12 бармоқли ичагида бўладиган оғриқ сабабли шифокорларга мурожаат қилган. Шошилинч тиббий текширув натижасида бемор танасида 5 та тўғноғич ва 6 та мих борлиги аниқланган.
РШТЁИМ Бухоро филиали мутахассислари томонидан беморга эндоскопик амалиёт муваффақиятли ўтказилди. Хирург-эндоскопист А. Ҳайдаров махсус асбоблар ёрдамида барча ёт жисмларни хавфсиз тарзда чиқариб олди.
Аниқланишича, бемор психиатр назоратида бўлиб, икки кун олдин ушбу жисмларни ютганини тан олган. Ҳозирда унинг аҳволи яхшиланмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, сўнгги йилларда ошқозон ва ичакларга ёт жисмлар тушиши билан боғлиқ мурожаатлар кўпаймоқда. Бундай ҳолатлар асосан 1 ёшдан 25 ёшгача бўлган инсонлар орасида кузатилмоқда.







