Ўсимлик мойлари саломатликка зарарлими?
Олимлар нотўғри қарашларни инкор этмоқда.

Стенфорд университетининг Профилактика тадқиқотлари маркази овқатланиш бўйича тадқиқотлар директори Кристофер Гарднернинг таъкидлашича, ўсимлик мойларидаги омега-6 ёғ кислоталари яллиғланиш жараёнларига бевосита сабаб бўлмайди ва соғлиқ муаммолари билан боғлиқ деган фикр илмий жиҳатдан тасдиқланмаган.
Олим омега-3 ва омега-6 муҳим ёғ кислоталари бўлиб, уларни инсон организми мустақил ишлаб чиқара олмаслигини тушунтирди. Шунинг учун уларни озиқ-овқат маҳсулотлари – балиқ, ёнғоқ, уруғлар ҳамда зайтун, кунгабоқар, соя ва маккажўхори ёғлари орқали қабул қилиш лозим.
Сўнгги пайтларда уруғ мойларининг омега-6 миқдори юқорилиги сабабли уларнинг зарарли экани ҳақидаги фикрлар кенг тарқалди. Уларнинг яллиғланишга олиб келиши ва юрак-қон томир касалликларини кучайтириши тахмин қилинмоқда. Бироқ, Гарднернинг сўзларига кўра, бу қараш илмий асосга эга эмас.
Мутахассиснинг таъкидлашича, омега-3 яллиғланишга қарши таъсири билан машҳур, аммо омега-6 ҳам организм учун зарур бўлиб, уни бутунлай чеклаш нотўғри. Аксинча, соғлом ёғларга бой маҳсулотларнинг аксарияти омега-6 ни кўпроқ ўз ичига олади.
Шунингдек, Гарднер инсон иммунитет тизими ҳали ҳам тўлиқ ўрганилмаганини қайд этиб, уруғ мойларини истеъмол қилиш яллиғланишни оширади деган фикрга эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлайди.







