Россия ва Украина ҳарбий асирларни алмашди
Асир алмашинуви БАА воситачилигида амалга оширилган.

Россия ва Украина навбатдаги асир алмашувини ўтказиб, ҳар бири 175 ҳарбийни қарама-қарши томонга топширди. Россия Мудофаа вазирлигининг маълумотига кўра, Украинага қўшимча равишда оғир яраланган 22 украиналик ҳарбий асир ҳам топширилган.
Россия томони ўз фуқароларини Беларусга етказиб, уларга зарурий тиббий ва психологик ёрдам кўрсатаётганини билдирди. Тез орада улар Россияга қайтарилади ва реабилитациядан ўтишади.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам асир алмашинуви натижалари ҳақида баёнот берди. Унга кўра, Украинага қайтган ҳарбийлар орасида Қуролли Кучлар, Ҳарбий-денгиз кучлари, Миллий гвардия, Чегара хизмати ва ҳудудий мудофаа кучлари аскарлари бор. Зеленский, шунингдек, оғир яраланган 22 украиналик ҳарбий алоҳида ҳаракатлар орқали қайтарилганини айтиб, Бирлашган Араб Амирликларига воситачилик учун миннатдорчилик билдирди.
Кремлнинг хабарида эса Украинага қайтарилган ҳарбийлар орасида 23 нафар оғир яраланган аскар борлиги айтилган. Ушбу тафовутга ҳозирча расман изоҳ берилмаган.







