Коррупция юқори бўлган соҳаларда ўрганишлар олиб борилмоқда
Навбатдаги манзил Хоразм вилоятининг Урганч тумани бўлди.

Республика идорлараро ишчи гуруҳнинг коррупция юқори бўлган соҳалардаги ўрганишлари давом этмоқда. Бу галги манзил Хоразм вилоятининг Урганч тумани бўлди.
Мақсад Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш, хусусан, соғлиқни сақлаш, бандлик, банк, кадастр, қурилиш, мактабгача ва мактаб таълими каби муҳим соҳаларда коррупциявий омилларни бартараф этиш, рақамлаштириш, бюрократик тартибларни бекор қилиш бўйича аниқ чоралар кўришдан иборат.
Ушбу соҳаларда инсон омили ва қоғозбозликни камайтириш, ишга қабул қилишни очиқ ва шаффоф ўтказиш, коррупцияга нисбатан муросасизликда ходимларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, коррупцияга йўл очадиган омилларни бартараф этадиган превентив чораларни кучайтириш юзасидан биргаликдаги аниқ вазифалар белгилаб олинмоқда.
Шунингдек, криминоген вазият оғир бўлган маҳаллаларда ҳуқуқ-тартибот идоралари, профилактика бўлинмалари, "Маҳалла еттилиги" вакиллари билан хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.







