Сурхондарёнинг тоғли ҳудудларида қор ёғди
Ҳаво ўзгариши экинларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бугун Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Сариосиё, Денов ва Олтинсой туманларининг баланд тоғли ҳудудларида кутилмаганда қор ёғди.
Қорнинг баландлиги айрим жойларда 5–6 сантиметрга етди. Бойсундаги «Дуоба», «Хўжаидод», «Деҳболо», Сариосиёнинг «Чош» маҳалласи ва Юқори Тоғоланг миллий табиат боғи, Деновнинг «Ўшор» ва «Сина» маҳаллалари ҳамда Олтинсойнинг бир неча ҳудудлари қорга бурканди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ҳаво ўзгариши эрта уйғонган дарахтлар ва экинларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, деҳқон ва боғбонларга қўшимча ҳимоя чораларини кўриш тавсия этилди.







