ЙПХ инспекторига бўйсунмаган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди
Самарқандда ЙПХ ходимини машинасида судраган ҳайдовчи 3 йил озодликдан маҳрум қилинди.

Самарқанд шаҳрида ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, инспекторни машинасининг капотида судраб кетган ҳайдовчи суд томонидан 3 йил муддатга озодлигини чеклаш жазоси билан жазоланди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури хабар берди.
Воқеа 1 январь куни Буюк ипак йўли кўчасида содир бўлган. ЙПХ ходими давлат рақамисиз ҳаракатланаётган Оних автомобилини тўхтатмоқчи бўлганида, ҳайдовчи тўхтамай, ходим устига ҳайдаб кетган ва тан жароҳати етказган. Воқеа жойидан қочган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қўлга олинган.
Суд жараёнида айбланувчи отаси маст ҳолатда онасига куч ишлатаётгани ҳақида хабар эшитганини ва шунинг учун уйга шошганини айтиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Шунингдек, ЙПХ инспектори ҳам ҳайдовчига қамоқ жазоси берилмаслигини сўраган.
Суд ҳайдовчини Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми бўйича айбли деб топиб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ушбу модда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатган шахсга 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.







