Андижонда масжид таҳоратхонасидаги портлашда 3 киши ҳалок бўлди
Портлаш юзасидан тергов ишлари бошланган.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги масжид таҳоратхонасида содир бўлган портлаш оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 10 нафари жароҳатланди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) берган маълумотга кўра, ҳодиса жойига икки қутқарув гуруҳи ва иккита ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Портлаш натижасида таҳоратхонанинг девор ва том қисмларига зарар етган, аммо ёнғин содир бўлмаган.
Ҳодиса жойида вилоят ҳокими, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» мутахассислари ишламоқда. Шунингдек, водийда хизмат сафарида бўлган Бош вазир ўринбосари О. Раматов ва Фавқулодда вазиятлар вазири Б. Қудратхўжаев ҳам воқеа жойига етиб келган.
Ҳозирда ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.







