Ўзбекистон ички туризмга катта сармоя киритади
Саёҳатни одатга айлантириш ва янги йўналишлар яратиш бўйича президент кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички туризмни ривожлантириш ва аҳолининг саёҳат маданиятини ошириш бўйича қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Сўнгги йилларда бу соҳа сезиларли ўсишга эришди: 2017 йилда атиги 5 миллион маҳаллий сайёҳ бўлган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 23 миллионга етган. Аммо шунга қарамай, ҳанузгача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга бормаган оилалар анчагина.
Шу сабабли, ҳар ойнинг бир шанба ва якшанбаси “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш куни” деб эълон қилинади. Бу орқали одамлар орасида саёҳат маданиятини ошириш, оила ва жамоавий ҳордиқни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ёшлар ўртасида ўтказиладиган турли танлов ва мусобақа ғолибларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмалари совға қилинади. Бу эса айниқса ёшларда ватаншунослик руҳини кучайтиради.
Йиғилишда, шунингдек, экстремал туризмни ривожлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси мутасаддиларга топширилди.








