Бўстонлиқда табиатга 4,5 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди
Ҳудудда рухсатсиз қазиш ишлари олиб борилган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Оқсоқ ота” сойининг қирғоғида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланиб, табиатга 4 миллиард 504 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Вилоят экология бошқармаси томонидан ўтказилган рейд давомида МАН юк машинаси ва эккаватор ёрдамида махсус рухсатсиз қазиш ишлари олиб борилаётгани фош этилди. Ушбу фаолият табиатни муҳофаза қилиш қонунларини бузган ҳолда олиб борилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан юк машинаси вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилди, тўпланган ҳужжатлар эса Бўстонлиқ туман прокуратурасига тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 17 январда президент қарорига биноан, дарёларда бундай фаолиятга мораторий эълон қилинган бўлишига қарамай, қонунбузарликлар давом этмоқда.







