Дўстлик юрак хуружининг олдини олади
Олимлар дўстлик ва соғлиқ ўртасидаги боғлиқликни аниқлашди.

Дўстлар нафақат руҳий кўмак беради, балки юрак саломатлигини ҳам сақлайди. Бразилиянинг Сан-Паулу юрак институти кардиологи Фабио Фернандес бу борада қизиқарли таҳлиллар билан бўлишди. Унинг Глобо нашрига берган интервьюси ижтимоий алоқаларнинг организмга таъсири ҳақида чуқур мулоҳазаларга бой.
Фернандес фикрича, чин дўстлик юрак-қон томир касалликлари ривожланиш хавфини 50 фоизгача камайтиради. “Дўстлардан маҳрум одамлар руҳий тушкунлик, алкоголизм ва ҳатто жисмоний яккаланишдан кўпроқ азият чекишади. Уларнинг ёнида оғир дамларда ёрдам берадиган ҳеч ким бўлмайди”, – дейди кардиолог.
Унинг таъкидлашича, илмий тадқиқотлар дўстликнинг организмга бўлган фойдали таъсирини аллақачон исботлаган. Яхши дўстга эга бўлиш нафақат кайфиятни кўтаради, балки танадаги стресс гормони – кортизол даражасини пасайтиради. Бундан ташқари, юрак хуружи ва инсультга олиб келадиган яллиғланиш оқсилларини камайтиради.
Фернандес яна бир муҳим жиҳатга урғу берди: ўзини ёлғиз ҳис қиладиган одамларда чекиш хавфи анча юқори бўлади. Бу эса юрак ва қон томирларига жиддий зарар етказади. Кардиолог бу борада ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, дўстлар билан вақт ўтказиш ва доимо мулоқотда бўлишни тавсия қилади.
Юрак соғлиғи учун парҳез ва жисмоний фаоллик билан бир қаторда, самимий инсоний ришталар ҳам ниҳоятда муҳим эканлиги яна бир бор тасдиқланди.







