Швейцариядаги курорт дунёдан узилиб қолди
Тоғ ҳудудида баландлиги тахминан 100 сантиметрлик қор ёғган.

Швейцариянинг машҳур чанғи курорти Зерматт кучли қор ёғиши оқибатида ташқи дунё билан алоқасиз қолди.
Алп тоғларининг 2500 метр баландлигида 100 сантиметрга яқин қор ёғгани туфайли Зерматтга олиб борувчи автомобиль ва темир йўллар ёпилди. Қор ёғингарчилиги шунчалик кучли бўлганки, натижада қишлоқ бутунлай яккаланиб қолган. Маҳаллий ҳукумат фавқулодда чора сифатида аҳолига СМС орқали уйда қолишни тавсия қилди.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, жума куни эрталаб қишлоқда электр таъминоти ҳам тўхтаган. Электр тармоқлари шикастланган бўлиб, муз ва қор таъмирлаш ишларига жиддий тўсқинлик қилмоқда. Пайшанба куни кечқурун маҳаллий спорт залида иссиқ шўрва тарқатилиб, мобил телефонлар учун қувватлантириш станцияси ташкил этилган.
Шу билан бирга, пайшанба ва жума кунлари курортдаги барча чанғи лифтлари ёпилди. Вале кантони расмийлари аҳолига қор кўчкиси, дарахтлар ва шохларнинг қулаш хавфи туфайли ўрмонлар ва тоғли ҳудудларда юрмасликни, чанғи учишга бормасликни қатъий таъкидлашган.







